Ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаган терма жамоамизнинг ўйин савияси аксарият мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.
Ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаган терма жамоамизнинг ўйин савияси аксарият мутахассислар томонидан юқори баҳоланди. Темур Ҳакимовнинг чемпионатдаги энг яхши футболчи деб топилиши эса барчамизни янада қувонтирди. Жами беш марта рақиблар дарвозасини ишғол этган ҳолда шундай нуфузли совринга эга чиққан Темур айни пайтда "Пахтакор" футбол академиясида таҳсил олишни давом эттирмоқда. Иқтидорли ҳужумчи билан суҳбат давомида ундан турли саволларга жавоб олдик.
- Темур, Осиё чемпионатида энг яхши футболчи дея эътироф этилдингиз. Чемпионатдан аввал шундай воқеа бўлишини тасаввур қилганмидингиз?
- Тўғрисини айтаман, йўқ. Бу ҳақида умуман ўйлаб ҳам кўрмагандим. Ҳа, орзу бўлганди, аммо бунинг содир бўлиши мумкинлигини билмагандим. Мусобақа бошланишидан олдин жамоавий ўйинга ҳисса қўшиш кераклиги тўғрисида бош қотирдим. Чунки
жамоа яхши ўйнаса, ҳамма яхши ўйнайди. Шу сабабли жамоанинг бир бўлагига айланиш ҳақида хоҳлагандим. Буни уддалаш бизга насиб этди. Ўз навбатида чемпионатнинг энг яхши футболчиси деб топилганимдан хурсандман ва буни бутун жамоанинг биргаликдаги ютуғи деб ўйлайман.
- Намойиш қилган ўйинингиз ўзингизга маъқул келдими?
- Умуман олганда, ҳа. Бироқ охирги учрашувда бундан мустасно. Ўша куни ўзимих хоҳлагандек даражада ҳаракат қила олмадик. Бошқа томондан жамоага муваффақиятга эришишда ёрдам берганимдан бахтиёрман.
- Жамоанинг эришган умумий натижаси ҳам қониқтирдими?
- Чемпионатдан аввал бутун жамоа билан биргаликда олтин медалларни қўлга киритиш учун ҳаракат қилишга ваъдалашгандик. Афсуски, бунинг уддасидан чиқолмадик. Кубокни Тошкентга олиб келишган экан, уни шу ерда олиб қоламиз дегандик. Аммо бунга эришмадик. Шунга қарамай, финалга чиққанимизнинг ўзи ёмон натижа эмас. Мақсадимиз йўлида барчамиз бор кучимизни сарфладик.
- Шу ўринда футболга кириб келишингизда муҳим ўрин тутган
мураббийлар кимлар эканлигини билиш мухлисларга қизиқ бўлади. Сизнинг биринчи мураббийингиз ким бўлган?
- 9 ёшимдан бошлаб Алексей Евстафеев қўл остида "Пахтакор" футбол академиясида шуғулланиб келганман. Терма жамоага қабул қилинганимдан кейин Аҳмаджон Мусаев ҳам кўп жиҳатлар борасида менга катта ёрдам берди. Уларнинг ҳар иккаласига бунинг учун раҳмат айтаман. Устозларимнинг меҳнатисиз бундай савияга чиқа олмасдим.
- "Пахтакор" футбол академияси тарбияланувчиси саналасиз. У ердаги шароитлар ҳақида нима дея оласиз?
- Академияда вақт ўтгани сари шароитлар яхшиланиб бормоқда. Ҳозир яхши сифатли майдонларда машғулотлар ўтказилмоқда. Клуб раҳбарияти имкон борича ёш ўйинчиларга фақат футбол тўғрисида ўйлашга имконият беришга ҳаракат қилмоқда.
- Нима деб ўйлайсиз, ўсмирлар футболида ўринбосарларга ўтиш вақти етиб келмадими? "Пахтакор" ўринбосарлари сафида ўйнашга тайёрмисиз?
- Агар мураббийлар шунга имконият беришса, уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилиб кўраман. Ортда қолган мавсумда
ўринбосарлар таркибида кўплаб машғулотларда иштирок этдим. Мураббийлар мен ҳақимда билишади. Ўзимга берилган имкониятдан унумли фойдаланишга уриниб кўраман.
- Бир неча йилдан буён "Пахтакор" академияси жамоаси сафида Тошкент шаҳар биринчилигида иштирок этасиз. Ушбу мусобақа ҳақида қандай фикрдасиз?
- Ушбу биринчилик ёш ўйинчиларга ўйин амалиёти ва тажрибасига эга бўлиш учун яратиб берилган ажойиб имконият. Баъзи ҳудудларда болалар ўртасидаги турнирлар ёки чемпионат бир неча кун ичида ўтказиб юборилади. Тошкент шаҳрида эса баҳордан кузгача учрашувлар ўтказамиз. Бу жуда яхши, албатта.
- Қайси ҳужумчиларнинг ўйинларини кўришни ёқтирасиз?
- Менга "Пахтакор"дан Александр Гейнрих ва Арсеналдан Андрей Аршавинларнинг ҳаракатлари ёқади. Улар йўқ жойдан ҳам хавфли вазиятларни юзага келтирадиган ҳужумчилар ҳисобланишади. Бу ҳужумчи учун жуда зарур бўлган хусусият.
Беҳзод Назаров суҳбатлашди